ЮНИСEФ огоҳлантиради: ёмон озиқланиш дунё миқёсида болаларнинг саломатлигига зарар етказмоқда

Қашшоқлик, урбанизация, иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат маҳсулотларини нотўғри танлаш носоғлом озиқланишни шакллантиради

22 Oktabr 2019
дети кушают за столом
UNICEF Uzbekistan

ТОШКEНТ, 2019 йил 23-октябрь – ЮНИCEФнинг болалар, озиқ-овқат ва озиқланиш муаммоларига бағишланган янги глобал ҳисоботи дунё миқёсида ташвишланарли даражада кўп сонли болаларнинг ёмон озиқланиши ва уларнинг манфаатларига жавоб бермайдиган озиқ-овқат тизимининг оқибатларидан азият чекиши тўғрисида хабар бермоқда.

"Жаҳон болаларининг аҳволи 2019: болалар, озуқа ва озиқлантириш" номли ҳисобот хулосаларига кўра, 5 ёшгача бўлган ҳар учинчи бола (ёки 200 миллион киши) етарлича озиқланмайди ёки ортиқча вазнга эга. 6 ойликдан 2 ёшгача бўлган болаларнинг қарийб учдан икки қисми тез ўсаётган тана ва мия фаолиятини таъминлайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмайди. Шу сабабли, миянинг етарлича ривожланмаслиги, ўқиш қобилиятининг сустлиги, иммунитетнинг пастлиги ва инфекцияларнинг кўпайиши ва кўп ҳолларда ўлим хавфи мавжуд бўлади.

"Сўнгги бир неча ўн йилликлардаги барча технологик, маданий ва ижтимоий ютуқларга қарамасдан, биз жуда муҳим ҳақиқатни ёддан чиқардик: агар болалар ёмон озиқланса, улар кам яшайдилар", деди ЮНИCEФнинг ижрочи директори Генриетта Форе. Миллионлаб болалар бошқа имкониятга эга бўлмаганлиги учун носоғлом овқатланишга мажбур. Етарлича озиқланмаслик муаммоси ҳақидаги тушунчамизни ва бу муаммони бартараф этиш усулини ўзгартиришимиз керак. Бу фақатгина болаларни етарлича овқат билан таъминлаш эмас, бу энг аввало уларни тўғри озиқлантиришдир. Бу масала бугун бизнинг олдимизда турган умумий муаммодир”.

Ҳисоботда айтилишича, белгиланган стандартларга мос келмайдиган озиқланиш ва овқатлантириш амалиёти бола ҳаётининг дастлабки кунларидан бошланади. Кўкрак сути билан эмизиш бола ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлса-да, масалан, олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 42 фоизи фақат кўкрак сути билан озиқлантирилади, сут аралашмалари билан овқатлантириладиган гўдаклар сони эса тобора ортиб бормоқда.

Ҳисоботда айтилишича, болалар олти ойлик ёшидан бошлаб юмшоқ ёки қаттиқ овқатларга ўтишни бошлаганида, жуда кўп ҳолатларда уларнинг рациони белгилаб қўйилган талабларга жавоб бермайди. Дунё бўйича олти ойдан икки ёшгача бўлган болаларнинг 45 фоизга яқини мева ёки сабзавот билан озиқланмайди. Деярли 60 фоизи эса тухум, сут, балиқ ва гўшт маҳсулотларини умуман истеъмол қилмайди.

Болалар катта бўлгани сари, уларнинг соғлом бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари ташвишга солади. Ҳисобот шуни кўрсатадики, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда мактабга борадиган ўспиринларнинг 42 фоизи кунига камида бир марта газланган, шакарланган, алкоголсиз ичимликларни истеъмол қиладилар ва 46 фоизи ҳафтасига камида бир марта «фаст фуд» маҳсулоти билан овқатланади. Бу кўрсаткичлар юқори даромадли мамлакатларда ўсмирлар учун мос равишда 62 ва 49 фоизни ташкил этади.

Ўсиб бораётган тўғри озиқланмаслик инқирозини унинг ҳар қандай шаклида ҳал қилиш учун ЮНИСEФ ҳукуматларга, хусусий сектор вакилларига, донорларга, ота-оналарга, оилаларга ва тадбиркорлик фаолияти субьектларига қуйидаги чораларни кўриш орқали болаларнинг соғлом бўлиб ўсишига ёрдам бериш учун мурожаат қилмоқда:

  1. Текширилган ёндашувлар асосида, яъни аниқ ва тушунарли белгилардан фойдаланиш ва зарарли озиқ-овқат маҳсулотлар савдоси устидан кучайтирилган назоратини ўрнатиш орқали, болалар ва ўсмирлар учун соғлом озиқ-овқат муҳитини яратиш.
  2. Барча болалар учун озиқланиш соҳасида эришилган натижаларни кенгайтириш учун қўллаб-қувватловчи тизимлар - соғлиқни сақлаш, сув ва санитария, таълим ва ижтимоий ҳимоя тизимларини мобилизация қилиш.
  3. Ҳаракатларни бошқариш ва тараққиётни қайд қилиш учун сифатли маълумот ва далилларни тўплаш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш.
  4. "Биз соғлом озиқланиш учун курашда имкониятни бой бермоқдамиз," - деди Форе хоним. “Бу курашда ёлғизликда ғалабага эриша олмаймиз. Болаларнинг озиқланиши устувор масалалар қаторига киритиш ва носоғлом озиқланишнинг барча сабаларини бартараф этиш учун ҳукуматлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти билан биргаликда ишлашимиз керак.”

OAV uchun mas'ul xodimlar

Nargiza Egamberdiyeva
Jamoatchilik bilan aloqalar bo’yicha maslahatchi
UNICEF
Telefon: +99893 380 34 19
Elektron pochta: [email protected]

ЮНИСЕФ тўғрисида

Ўз фаолияти орқали ЮНИСЕФ ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва фаровонлиги таъминланишига эришишга ҳаракат қилади. Ушбу мажбуриятни амалий ҳаракатларга айлантириш мақсадида биз ҳамкорларимиз билан биргаликда дунёнинг 190 мамлакати ва ҳудудларида иш олиб борамиз ва дунёдаги барча болаларнинг, хусусан, ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўйилган,  алоҳида этибор ва ёрдамга муҳтож болаларнинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиламиз.

ЮНИСЕФ ва унинг Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумот олиш учун www.unicef.org/uzbekistan сайтига ташриф буюринг.

Бизни Twitter ва Facebook саҳифаларамизда кузатиб боринг.